Ғолиблар муносиб кутиб олинди

Sep 16 2018
(0) Comments

 

Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида жанговар самбо бўйича жаҳон кубоги мусобақаси бўлиб ўтганидан кўпчиликнинг хабари бор. Унда йигирмадан ортиқ давлат вакиллари қатнашди. Мусобақада иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар ўз маҳоратларини намойиш этиб, бешта олтин медални қўлга киритишди. Улар орасида ҳамкасбимиз, Фарғона вилояти ИИБ Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди катта мутахассиси, сафдор Санъатбек Исмоновнинг борлиги кўнгилда фахр туйғусини уйғотади.

 

…Тошкент халқаро аэропорти. Спортчиларнинг ҳамкасблари, оила аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари жам бўлди. ИИВ Алоҳида намунали кўргазмали оркестрининг шўх-шодон куйлари остида спортчилар кутиб олинди. Улар она Ватанимиз байроғини янада юксакларга кўтариб, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб қайтишди. Сафдор Санъатбек Исмоновнинг ҳамкасблари, оила аъзоларининг юзидаги қувончни сўз билан таърифлаш қийин.

— Ўғлим ички ишлар органларида хизмат қилишининг ўзи оиламизни бениҳоя қувонтирарди, — дейди Санъат­бекнинг отаси Шуҳрат Нуралиев. — У ёшлигидан спорт билан шуғулланарди. Бугун жаҳон миқёсидаги мусобақада ғалаба билан юртимизга қайтганидан қувончларим янада ортди. Мустақил давлатимиз байроғини юксакка кўтариб, юртимиз шаъни муносиб ҳимоя қилган ўғлим борлигидан фахрланаман.

Отанинг ҳаяжонли сўзлари унинг қанчалик қувонаётганидан далолат. Зеро, фарзанд ўстириб, ортидан мана шундай эътироф олиш ҳар бир ота­-онанинг орзуси.

Ҳамюртларимиз ва ҳамкасбларимиз орасида бундай ютуқларга эришаётганлар талайгина. Ана шундай ўғлонлари бор юрт, доимо тинч ва осойишта бўлиб, тараққиёт сари дадил одимлайверади.

 

Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати