Жиноят полицияси халқаро ташкилоти-Интерпол вице-президентининг Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига ташрифи

Oct 03 2018
(0) Comments

 

Ўзбекистон Республикаси ИИВда Интерпол вице-президенти-Россия Федерацияси ИИВ Интерпол миллий маркази бюроси бошлиғи полиция генерал-майори Александр Прокопчук ва Россия Федерацияси ИИВнинг Ўзбекистон Республикасидаги вакили полиция полковниги Евгений Федотов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари генерал-майор Даврон Назармухамедов қабул қилди.

Генерал-майор Д.Назармухамедов меҳмонларни ташриф билан қутлаб, Ўзбекистонда ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар, янгиланишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Халқ фаровонлиги, юрт тинчлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли ва самарали ҳимоя қилишга қаратилган мазкур ислоҳотлар натижаси, аввало, мамлакатимиз ички ишлар органлари фаолиятида яққол кўзга ташланаётганини қайд этди.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Жиноят полицияси халқаро ташкилоти – Интерпол дунёдаги энг йирик халқаро полиция ташкилоти ҳисобланади. Бу ташкилот турли мамлакатлар полиция хизматларининг ҳамкорлигини таъминлайди ва мақсади умумий жиноятчиликка қарши курашиш бўлган давлатларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда халқаро ҳудудий ташкилотларни қўллаб-қувватлаб, уларга ёрдам беради.

Учрашув давомида Жиноят полицияси халқаро ташкилоти – Интерпол фаолиятида Россия ва Ўзбекистоннинг трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш борасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси