Визасиз ташрифлар рейтинги эълон қилинди

Oct 11 2018
(0) Comments

Буюк Британиянинг «Henley & Partners» халқаро консалтинг компанияси паспортлар индексининг янгиланган версиясига оид ҳисоботни чоп этди. Унда 2018 йил чорак ҳисобида дунё давлатларида визасиз ташриф тизимидаги ўзгаришлар натижалари акс этган. Бу ҳақда CA-NEWS сайти хабар берди.

Ҳисоботда келтирилишича, Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон фуқаролари 76 давлатга, Қирғизистон 63, Тожикистон 58, Туркманистон 53 мамлакатга виза расмийлаштирмаган ҳолда сафар қилиш имконига эга. Ўзбекистон фуқаролари 59 давлатга визасиз чиқиши мумкин.

Компания эълон қилган рейтингда Қирғизистон Африкадаги Гана давлати билан бирга 78-ўринни, Қозоғистон Намибия давлати билан 69-поғонани, Тожикистон Мавритания, Мозамбик, Сан-Томе ва Принсипи давлатлари билан биргаликда 83-, Ўзбекистон 82-, Туркманистон эса Чад, Гвинея-Бисау, Мадагаскар давлатлари билан бирга 88-ўринни эгаллаган.

Рейтингда Япония паспорти энг “мобил” паспорт деб эътироф этилган. Япония фуқаролари визасиз дунёнинг 190 давлатига бориш имконига эга. Ушбу кўрсаткич рекорд даража сифатида қайд этилган.

Уч йил аввал ушбу поғонани Япония билан бирга Сингапур ҳам эгаллаган эди. Лекин Мьянмада Япония фуқаролари учун визасиз ташриф жорий этилиши натижасида Сингапур рейтингда иккинчи ўринга тушган.

Рейтингда учинчи поғонани Германия, Шимолий Корея, Франция, тўртинчи ўринни Дания, Италия, Испания, Финляндия, Швеция банд этган.

Зуҳра Мирзабоева, ЎзА​